Жиззахда туман ҳокимлиги иш юрутувчиси пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда ҳуқуқ тартибот органлари хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 17 август куни ўзини Зафаробод туманининг ҳокими ўринбосари деб таништирган фуқаро пахтакорлик шахсга Зафаробод тумани Бўстон маҳалласидаги 40 сотих ерни олиб беришни ваъда қилган. Ушбу ҳудудда тўйхона қуриш режалаштирилган бўлган. Ҳоким ўринбосари деб таништирган шахс эса ерга ҳокимнинг қарорини чиқариб бериш учун 12 минг доллар сўраган. Шундан сўнг пахтакорлик фуқаро 19 августда дарҳол ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилган. Кўрилган тезкор тадбирлар давомида фуқаро мансабдорга айтилган пулнинг 8 минг долларини бераётганда қўлга олинган.
Кейинчалик ушбу шахс ҳоким ўринбосари эмас, балки ҳокимликда иш юрутувчи бўлиб ишловчи М.Б. экани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар тўпланган. Энди терговчилар ушбу ишни кўриб чиқади.