Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида канал бўйидан чақалоқ мурдаси топилгани ҳақида хабар берган эдик.
Бош прокуратура мазкур воқеа юзасидан ахборот берди, дея хабар қилади daryo-Live. Олдиндан шуни таъкидлаш ўринлики, чақалоқ дастлабки хабарларда айтилганидек бўғиб ўлдирилмаган. Хабар беришларича, Олтиариқ тумани «Шарқ» маҳалласи Шарқ тонги кўчасидан оқиб ўтувчи Сўх-Шоҳимардонсой каналидан шахси номаълум чақалоқнинг мурдаси топилгани ҳақида маълумот туман ИИБ навбатчилик қисмига 2 январь куни соат 17:00 да келиб тушган.
«Мурда вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси эксперти иштирокида кўздан кечирилганида унинг аёл жинсига мансублиги ва тан жароҳатлари (бўғиш, ташқи таъсир натижасида ўлдириш каби белгилар) мавжуд эмаслиги, шунингдек, киндиги 3 сантиметрни ташкил қилиб, тиббиётга хос бўлмаган усулда кесилган ва боғланмаганлиги аниқланган. Вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг 2 январдаги дастлабки маълумотномасига кўра, чақалоқ мурдаси сувда тахминан 10 кун қолиб кетган; ички тана аъзолари текширилганда унинг ошқозонида сут қолдиғи топилмаган; мурданинг ўлим сабаби, туғилганидан сўнг яшаганлиги, сувга тирик ёки ўлган ҳолатда тушганлиги каби ҳолатлар суд-гистология текшируви натижасига кўра аниқланади», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.
Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан туман ва шаҳар ИИБ, тиббиёт ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари кенг жалб қилиниб, чақалоқ ва унинг онасини шахсини аниқлашга қаратилган чоралар кўрилмоқда. «Мазкур холат устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган», — дейилади идора ахборотида.