Аввал хабар қилганимиздек Самарқандда фуқаро хотини ва яна бир эркакни Самарқанддаги дўконларнинг бирида пичоқлаб ўлдирди. Воқеада айбланувчи шахс ҳодиса тафсилотларини сўзлаб берди, дея хабар қилди EVERYDAY.UZ мухбири.
“Улар (хотини ва бегона эркак – таҳр.) Мирзо Улуғбек кўчасидаги “Самсунг” дўкони олдига келиб тўхтади. Улар машинадан тушди. Кейин қарасам улар бир-бири билан қўл ушлашиб телефон кўриб юрган экан. Мен уларни кўриб ёнига бордим, ёнимда ошхона пичоғи бор эди. Кейин олдиларига қандай борганимни билмайман. Совуқда ташқарига чиқдим, қарасам қўлларим, ҳамма жойим қон. Кейин уларни пичоқлаб қўйганимни сездим”, – дейди айбланувчи.
Маълум бўлишича, марҳум аёлнинг уч нафар фарзанди бор ва у июль ойидан савдо билан шуғуллана бошлагач алкоголь истеъмол қила бошлаган.
“Бир куни уҳлаб қолганида телефонини текширганимда кўнгилхушлик қилиб юрганини сезиб қолдим. Инстаграмида ҳар хил хатлар, бўлар бўлмас гапларни ёзишган. Мен унга кўп айтдим, мени ўйламасанг ҳам болаларни ўйла, қизингни ўйла, бўйинг қатори бўляпти, дедим. Шу йўлдан қайтара олмадим. 10-15 кун олдин жанжаллашганимиз сабаб мен уни уйдан ҳайдаб юборган эдим. У ҳамма нарсасини олиб кетган эди”, – дейди эркак.
Унинг қўшимча қилишича, хотини уйидан кетгач эркакнинг ишдалигидан фойдаланиб девор ошиб тушиб, пулларини ўғирлаб кетган. Ҳуқуқ тартибот органларининг маълум қилишича, эркак воқеани содир этиб бўлгач ўз хоҳишига кўра ички ишлар бўлимига келган ва айбини тан олиб, ариза қолдирган. Ҳолат бўйича ЖКнинг 97 моддаси 2-қисми “а,ж” бандлари билан жиноий иш қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.