Тошкентда “Ипотека банк” ҳисобчиси ўз автомашинасида тунаб кетилди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хабар қилди.
Маълум бўлишича, “Ипотека банк”нинг Сергели филиали ҳисобчиси 39 ёшли Озода Х. 24 ноябрь куни соат 17:30ларда икки киши томонидан тунаб кетилган. Ҳодиса Миробод тумани Қўйлиқ 2-даҳаси 24-уй яқинида содир бўлган. Аёл автомашина салонида бўлган вақтда пичоқ билан қуролланган икки нафар шахс унинг ёнига келиб ўтирган. Улар аёлни қўрқитиб 1.500.000 сўмлик “Redmi-note 5” телефони, 5 млн. сўмлик бир жуфт зираги ҳамда 130 минг сўм нақд пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритган ва аёлнинг оёқ сон ўрта учлиги олдинги юзасига пичоқ билан жароҳат етказиб, қочиб кетган.
Тезкор тадбир давомида жиноятни содир этганлар аниқланган. Улар 32 ёшли Азизбек Н. ва 26 ёшли Азаматжон М.лар экани маълум бўлган. Босқинчилар ушлангунга қадар 5 млнлик зиракни “Қўйлиқ” бозорида 700 минг сўмга сотишга ҳам улгургани маълум қилинди. Босқинчиларга нисбатан ЖКнинг 164-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Улар ҳибсга олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.