Хоразмда судья 1200 доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Олий суд хабар қилди.
Маълум бўлишича, Урганч туманлараро судининг судьяси А.С. 1200 доллар пора билан ушланган. У фуқаро Х.Р.га Хива шаҳри, Лолазор маҳалласи, Зуҳра кўчасидаги 800 кв метр ер майдонида қурилиши тугалланмаган уй-жойнинг олди-сотди шартномасини бекор қилишда ёрдам беришини, судья Боғот туманлараро судидаги ҳамкасби, судья Ж.М. орқали ушбу ишни ҳал қилиб бермоқчи бўлган. Чунки ишни айнан Ж.М. кўриб чиқаётган бўлган.
А.С. аслида фуқародан ушбу ишни “пишитиш” учун 10 минг доллар сўраган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тадбир давомида судья 4 октябрь куни фуқаронинг уйида айтилган пулнинг 1200 долларини олаётганда ушланган. Ҳолат бўйича ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари ва 28, 211-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноий иш очилган. 5 октябрда эса А.С. лавозимидан озод этилган.