Спиртли ичимлик таъсирида бўлган ҳайдовчи нафақат ўзининг, балки бошқаларнинг ҳам ҳаётини хатарга қўяди.
Хоразм вилояти Хива шаҳрида яшовчи Шержон Шайвалиев (материалдаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) эрталабки нонуштадан сўнг қўшнисиникига – невара тўйига борди. Хонадон ҳовлиси эрталабданоқ одамлар билан гавжум. Аёллар дастурхон безаш билан овора бўлса, ошпазлар ўз юмуши билан банд. Ён қўшни, жон қўшни деганларидек, Шержон ҳам енг шимариб хизматда киришди.
Тўй яримлаганда Шержон кайфи ошганини сезди, бошқаларнинг олдида хижолат бўлмаслик учун уйига қайтди.
Спиртли ичимлик Шерзодни уйида ҳам тинч қўймади. Хаёлига аёли билан машинада шаҳар айланиш “таклифи” келди. Хотини унамади, кайфингиз бор, деди. Эр гапи ерда қолаётганидан жаҳли чиқди. Қистовнинг зўри билан “LADA 210740” русумли автомашинада икковлон “айлангани” чиқди, дея хабар қилди ЎзА.
Шерзод маст ҳолда автомашинани бошқараётиб, светофорнинг қизил чироғига ҳам эътибор бермай ҳаракатни давом эттирди. Қоидабузар чорраҳадан ўтгач, тезликни бироз оширди ва ҳушёрликни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқа бошлади. Буни кўрган вилоят ИИБ ЙҲХБ бўлинмалари ЙПХ отряди 2-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори, сафдор Сапарбой Сапаев ҳуштак чалганча унга тўхташ ишорасини берди. Аммо ҳайдовчи автомашинасини тўхтатиш ўрнига хизмат вазифасини бажараётган инспекторнинг устига ҳайдаб, уни уриб юборди. Жабрланувчига ёрдам бермасдан кетиб қолди. Воқеа жойига яқин ҳудудда хизмат вазифасини ўтаётган вилоят ИИБ ЙҲХБ бўлинмалари ЙПХ отряди 2-сафарбар гуруҳи командири, майор Ҳамробек Бобожонов ҳайдовчининг бу хатти-ҳаракатини кўриб ҳушёр тортди. Дарҳол хизмат автомашинасининг маёқларини ёққанча унинг изига тушди. Қочиб қутулолмаслигини англаб етган ҳайдовчи дарҳол автомашинасини ортга буриб, воқеа жойига қайтиб келди. Бу пайтда оғир тан жароҳати олган ЙПХ инспектори Сапарбой Сапаев туман марказий шифохонасига олиб кетилганди. Орадан кўп ўтмай тергов-тезкор гуруҳи ходимлари воқеа жойига етиб келди ва дастлабки суриштирув ишларини бошлаб юборди. Шифокорларнинг ўз вақтида кўрсатган муолажалари туфайли Сапарбой Сапаев омон қолди.
– Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзининг, оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлай олмайдиган киши назаримда одам қиёфасидаги жонсиз танага ўхшайди, – дейди воқеага гувоҳ бўлган Жаббор ота Мансуров. –Ўз оромидан кечиб, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, изғирин совуқ ва жазирама иссиқ кунларида ҳам бизни ҳимоя қилаётган, осойишталигимизни таъминлаётган бундай матонатли йигитларимизга миннатдорлик билдириш, ёрдам бериш ўрнига ҳаётига хавф солишни нима деб аташ мумкин.
– Қилмишимдан пушаймонман, – дейди Шержон Шайвалиев суд залида берган кўрсатмасида. – Спиртли ичимликни кўп истеъмол қилганим оқибатида жиноятга қўл урдим ва бир бегуноҳ инсоннинг ҳаётини хавф остида қолдирдим. Бу хатти-ҳаракатимдан жуда-жуда афсусдаман.
Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар Суди ушбу йўл-транспорти ҳодисасини чуқур ўрганиб чиқиб, судланувчи Шержон Шайвалиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасида кўрсатилган жазони тайинлади.