Аввалроқ Ўзбекистонда автомашина постга етай деганда ағдарилиб кетгани ва у ЙПХ ходимларини босиб қолишига оз қолгани ҳақида ёзган эдик.
Ҳуқуқ тартибот органлари ана шу ҳодиса юзасидан маълумот берди. Маълум бўлишича, ҳодиса шу йил 12 январь куни соат 21:35 ларда, Тошкент шаҳар, Бектемир тумани, “Шарқ” ЙПХ масканида содир бўлган. 33 ёшли фуқаро С.А. “Toyota Land Cruiser” автомобилида бошқарувни йўқотиб ўзидан олдинги Ласеттига ва кейинчалик бетон тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетган. Шу заҳоти Ласеттининг 26 ёшли ҳайдовчисига тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ушбу ҳолат МЖтКнинг 133-моддаси тартибида мазмунан кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судига юборилган ва унинг ҳукмига кўра “Toyota Land Cruiser” ҳайдовчисига БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.