Навоийда аёл 3 ойлик фазандини сотмоқчи бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Маълум бўлишича, асли хатирчилик аёл 2019 йилда Навоий шаҳрига ишлашга келиб, ўша ерда бир йигит билан танишиб, ундан ҳомиладор бўлиб қолган. Буни эшитган қизнинг отаси гап сўзларга қолмаслик учун қизини уриб, фарзандини олдириб ташлашни айтган. Лекин қиз бу ишни қилмай қишлоққа ҳам қайтмай, фарзандни дунёга келтирган. Шундан сўнг, молиявий аҳволи қийинлашгач, болани сотишга қарор қилиб, “харидор” топган. Аёл фарзандни 25 минг долларга сотишини айтган. “Харидор” эса пул эвазига 2 хонали уй беришни айтган. Шу тариқа аёл уйларнинг ҳужжатларини олаётганда ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ушбу иш Кармана судида кўриб чиқилган ва аёл ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «а» бандидаги жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва камида саккиз йилга қамалиши керак бўлган. Лекин, аёлнинг пушаймонлиги, олдин судланмаганлиги ва маҳалла томонидан берилган ижобий тавсифнома ва кафиллик хати инобатга олиниб, унга ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб (енгилроқ жазо тайинлаш), озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, аёл ҳар ойда бир марта ИИБдан рўйхатдан ўтиши, рухсатсиз вилоят ҳудудини тарк этмаслиги кераклиги уқтирилди.