Андижон туман Мудофаа ишлари бўйича доимий чақирув комиссиясининг катта шифокори Санобар Латипова (исмлар-шарифлар ўзгартирилган) вилоят Мудофаа ишлари бўйича чақирув комиссиясининг шифокори Аҳмаджон Собиров билан ҳамкорликда ўзаро тил бириктиришди. Келишувга биноан саломатлиги сабаб ҳарбий хизматга нолойиқ деб топилган йигитларга “ёрдам” беришмоқчи бўлишди. Бунинг учун “соққасини” чўзса бас, дейилади "Халқ сўзи" хабарида.
Одамлар билан мулоқот қилишга уста бўлиб кетган шифокор аёл зудлик билан ишга киришди. Натижада икки йигитнинг ота-онаси билан боғланиб, 300 АҚШ доллари эвазига муаммони ҳал қилиб бериши мумкинлигини айтди. Шу тариқа икки нафар фуқародан 600 АҚШ долларини ундирди. 300 долларни ўз эҳтиёжи учун олиб қўйган Санобархон Латипова пулнинг қолган қисмини шифокор Аҳмаджон Собировга пора сифатида бераётган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олиндилар.
- Афсусдаман, - дейди шифокор Аҳмаджон Латипов. – Қилмишимдан пушаймонман. Бу ҳодиса такрорланмайди.
Шифокорнинг нафақат, эгнидаги халати, балки кўнгли ҳам оқ бўлиши керак. Акс ҳолда унинг қадр-қиммати, шаънига доғ тушади, салбий ҳаракатлари туфайли бошқалар азият чекишда давом этаверадилар. Қолаверса, оқ халатга тушган доғни ювса бўлади, бироқ шаънга тушган доғ тамғадек муҳрланиб қолади.