Янгийўл шаҳрида босқинчилик жинояти содир этилди. Бу ҳақда ҳуқуқ тартибот органлари хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 13 февраль куни соат 03:00 ларда Файзли маҳалласи Маърифат кўчасидаги уйга 5 нафар қора ниқоб таққан ва қўлларига резина қўлқоп кийган эркаклар ҳужум қилган. Улар уйда бўлган 20 ёшли қиз ва 25 ёшли ҳомиладор аёлга зўрлик ишлатиб, скотч ёрдамида боғлаб, уларга тегишли 1 минг 320 долларлик қимматбаҳо буюмларни олиб, яширинган.
Тезкор қидирув тадбир давомида ушбу жиноятни 26 ёшли Қодирбек Т., 33 ёшли Лутфилла Ф., 24 ёшли Хусан С., 24 ёшли Дониёр Т. ва 23 ёшли Абдукарим А.лар содир этгани маълум бўлган. Улар ушланган. Ҳодиса юзасидан ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.