Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳудудида ўғрилик жиноятини содир этган гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда вилоят ИИББ хабар қилди.
Маълум бўлишича, Зангиота туманида яшовчилар 1979 йилда туғилган М.С., 2001 йилда туғилган М.Ш., 1993 йилда туғилган Д.Н. ва вояга етмаганлар 2003 йилда туғилган Ш.Т. ҳамда 2005 йилда туғилган И.М.шу йил 5 февраль куни фуқаро Ф.Акбаровнинг аризасига кўра ушланган. Фуқаро ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилиб, 2021 йил 19 январдан 20 январь кунига ўтар кечаси уйи олдида қолдирган «Сhangan» автомашинасидан «антирадар», 250 минг сўмлик «аудио магнитафон» ва бошқа майда буюмлар ҳамда 300 минг сўм пуллари йўқолганини маълум қилган. Шундан сўнг тадбир давомида юқорида қайд этилган фуқаролар ушланган.
Кейинчалик суриштирувлар давомида ушбу гуруҳ пойтахт ва вилоятида бир қатор жиноятларни содир этгани ҳам маълум бўлган. Хусусан, улар 16 январь куни Тошкент тумани «Оқтом» маҳалласида Damas, Lacetti ва Matiz автомашинасини, 18 январь куни «Кўксарой» маҳалласида Nexia автомашинасини, 20 январь куни эса «Кўҳинур» маҳалласида Чанган ва Cobalt, «Кўксарой» маҳалласида Gentra ва яна бир Nexia автомашиналарини тунагани аниқланган. Шунингдек, гуруҳ аъзолари 3 февраль куни Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида 21 та автомобилларнинг эшикларини бузиб, ичидаги нарсаларни ҳам ўғирлаган. Улар бундан ташқари 25 январда Зангиотадаги уйларнинг биридан 8 бош қўйларни ўғирлаб, сотиб юборгани ҳам аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу жиноий гуруҳга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.