Тошкентда санъат ва маданият институти талабаси курсдоши билан жанжаллашгандан сўнг комага тушиб қолган. Бу ҳақда Кун нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, 21 ёшли наманганлик талаба Жаҳонгир шу йил 21 февраль куни курсдоши билан жанжаллашган. Шудан сўнг у жанжаллашган боланинг укаси келиб Жаҳонгир билан институт ташқарисида гаплашиб олмоқчи бўлган. Профилактика инспекторининг маълум қилишича, улар ташқарига чиққан ва ука Жаҳонгирни итариб юборгач ерга боши билан йиқилган ва орқа мияси шикастланган. Жаҳонгир шифохонага олиб борилган. У шифохонага боргунча ҳушида бўлган ва ҳеч қандай давоси йўқлигини айтиб, ариза ҳам ёзиб берган.
Нашрнинг ёзишича, Жаҳонгирнинг отаси ҳодисани эшитиб Россиядан етиб келган ва унга боласини икки киши урганини айтишган. Ота ўз интервьюсида боласини икки киши урганига ишонмаслигини, улар кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтган. Ўз навбатида институт вакили Жаҳонгирни урган бола бу институтда ўқимаслигини, жанжал эса ОТМ ташқарисида бўлганини айтган.
Кун нашри профилактика инспектори билан қайта суҳбатлашганда ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилганини айтган.