Қашқадарё вилояти Миришкор туманида икки нафар эркакка жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 20 февраль куни соат 22:30ларда 31 ёшли Азизбек Т. маст ҳолатда Азамат Ж.,нинг уйи атрофида айланиб юрган бўлган. Уни 33 ёшли Ғиёс Қ. ва 29 ёшли Абдивали Б.,лар кўриб қолган ва ушлаб олиб, калтаклаб, 1 соатча дарахтга боғлаб қўйган. Сўнгра улар ушбу ҳолатни видеога олиб, TikTok’да тарқатиб юборган. Кейинчалик маълум бўлишича, Ғиёс ва Абдували аввал ўғрилик жиноятини содир этиб, 4 марта судланган Азизбекни эски ҳунарини бошлаш учун келган деб ўйлаб, шундай хатти-ҳаракат содир этган бўлган.
Тергов департаментининг маълум қилишича, Азизбекка енгил тан жароҳатлари етказилган. Ҳолат юзасидан ЖКнинг 138-моддаси 1-қисми (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.