Фарғона вилояти Бешариқ туманида йигит севган қизининг уйини ёқиб юборди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 2020 йилнинг 18 июнь куни содир бўлган. Йигит Ҳ.Ж. 2018 йилда ўз севгилисига унаштирилган. Шундан сўнг тўй муддати чўзилиб келган. Қиз отасиз ўсгани учун йигит унинг уйига бориб, юмушларида кўмаклашиб турган. Шундай кунларнинг бирида йигит қизни сўкиб қўйган. Буни қизнинг онаси эшитиб қолиб, тўйни бекор қилган. Йигит томон ҳар неча уринган бўлсада қизнинг онаси уни кечирмаган. Шундан сўнг аламзада бўлган йигит маст ҳолатда келиб, қизнинг уйини ёқиб юборган. Йигит уйда ҳеч ким бўлмаган вақтда кириб, пардага ўт қўйган ва унинг натижасида ушбу оилага 263 миллион 975 минг 196 сўмлик зарар етказилган.
Ҳодиса юзасидан бўлиб ўтган судда йигит 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Жабрланувчи фойдасига зарар ҳам қопланиб бериладиган бўлди.