Азизбек Турғунов акциядорлик тижорат «Агробанк»нинг Мингбулоқ филиали бошқарувчиси вазифасида ишларди. Демак, шунга яраша масъулиятни ҳис қилиб, вазифасига виждонан ёндашганида эди, ҳаммаси ўзгача, яъни ҳурмат-эътиборга сазовор бўларди. Аммо банк бошқарувчисини амал курсиси ўзгартирди-қўйди. Яъни билдирилган ишончни тараллабедод қилиш учун берилган имкон тарзида қабул қилиб, талон-торожликка берилиб кетди.
«Мингбулоқ агро ҳосил» МЧЖга қариндоши фуқаро Б.Ориповни раҳбар этиб тайинлаб, «Баҳриддин Рустамов» МЧЖнинг ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда, ушбу жамиятларга бир вақтнинг ўзида норасмий раҳбарлик қила бошлади. У эгри йўллар билан ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда «Агробанк»нинг Мингбулоқ филиалидан 2017 йилда кредит шартномасига асосан «Баҳриддин Рустамов» МЧЖга 149 миллион сўм кредит маблағини йўналтиришга эришади. Яъни икки МЧЖ ўртасида сохта шартнома тузиб, ҳақиқатдан мавжуд бўлмаган ва олинмаган иссиқхона жиҳозлари ҳамда парранда қафаслари учун ҳисоб-варақ фактура тўлдиради. Шу тарзда 149 миллион сўмни «Мингбулоқ агро ҳосил» МЧЖнинг ҳисоб рақамига тушириб беради. Шундан сўнг у мазкур имтиёзли кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилади.
Азизбек Турғунов ЖКнинг қатор моддалари ва бандлари билан айбли, деб топилди ва унга тегишли жазо тайинланди.