Наманган вилоятида 27 ёшли Хасанбой товламачининг найрангига учради. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, Хасанбой шу йил март ойи бошида “Юлдуз” исмли шахс билан телеграмда танишиб қолган ва у билан ишқий муносабатларга киришиш ҳақида гаплашган. Бироз вақтдан сўнг Хасанбойга “Ойдина” исмли шахс ёзиб, унда “Юлдуз” билан ёзишмалари борлигини, агар минг доллар бермаса ёзишмани тарқатиб, қариндошларига кўрсатишини айтган. Шундан сўнг С.А. исмли фуқаро пулларни олаётганда ушланган. Кейинчалик маълум бўлишича, С.А.дан ушбу пулларни олишни “Юлдуз” исмли шахс сўраган бўлган. Тадбир давом эттирилганда, С.А.дан 21 ёшли Юлдузхон А. илтимос қилгани аниқланган.
Қисқача қилиб айтганда, Хасанбой билан “Юлдуз” бўлиб танишган қиз ҳам, “Ойдина” исмли шахс бўлиб қўрқитган қиз ҳам 21 ёшли Юлдузхон А. экани аниқланди. Қизга нисбатан ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилди.