Тошкентда эркак хотини ва қайнонасини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Олий суд хабар қилди.
Маълум бўлишича, И.С. 2018 йилда Х.М. ҳақида яхши гап эшитмасада, ҳулқи ёмон дея гаплар тарқалган бўлсада унга шаръий никоҳ асосида уйланган. Улар фарзандли бўлишини билгач эркакнинг онаси уларнинг тўйига розилик берган ва улар оила қурган. Орадан вақтлар ўтгач Х.М.нинг онаси пайдо бўлган ва шундан сўнг уларнинг оиласида доимий равишда жанжаллар юзага келган. Ана шундай кунларнинг бирида Х.М. фарзандини олиб онасиникига кетиб қолган ва уларни олиб келиш учун эркакнинг онаси келиннинг уйига борган. Шунда уйдан баланд овоз чиққан ва келин фарзандини кўтариб уйдан чиқиб, кетиб қолган. Бу орада эркак жаҳл устида хотинига етиб олиб, уни пичоқлаб ташлаган. Шундан сўнг эркакнинг қайнонаси унга ташланган ва И.С. уни ҳам пичоқлаб ташлаган.
Ҳодиса юзасидан бўлиб ўтган судда эркак ўз хоҳишига кўра ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилганини ва неча марта пичоқ урганини эслай олмаслигини ҳамда қилган ишидан пушаймон эканини айтган. Судда жабрланувчи томондан иштирок этган келиннинг бувиси эркак туҳмат қилаётганини, набирасининг ҳулқи ёмон бўлмаганини ва қизи ҳам урушқоқ бўлмаганини айтган. У энг оғир жазо берилишини сўраган.
Суд қарорига кўра эркак ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а, ж” бандларига кўра айбдор деб топилган ва унга 21 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.