Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги нодавлат боғчада ишловчи тарбичининг айби сабабли 5 ёшли тарбияланувчи бир кўзидан айрилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 2020 йилнинг 16 октябрида содир бўлган. Тарбиячи ўша куни тартибсизлик қилаётган болаларни тартибга келтириш учун қўлидаги темир қошиқни силкитган вақтда у 5 ёшли А.нинг кўзига кириб кетган. Натижада тарбияланувчи кўз шох пардасининг, склеранинг, рангдор парданинг йиртилган яраси, ўнг кўз олмаси бутунлигининг бузилиши, кўришнинг тўлиқ йўқолиши каби жароҳатлар олган.
Ҳолат юзасидан бўлиб ўтган судда тарбиячи Н.А. эҳтиётсизлик сабабли боланинг кўзига оғир шикаст етказгани аниқланган.
Судда тарбиячи жабрланувчининг даволаниши учун 14 млн сўм бергани маълум бўлган. Суд қарорига кўра, фуқаровий жавобгар 13-оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотидан 4 миллион 700 минг сўм моддий зарар жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига ундирилиши белгиланган.