Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти туманлараро жиноят суди 12 ёшли қизнинг номусига тегишда айбланаётган 40 ёшли ўзбекистонлик фуқарога нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди. Бу ҳақда «Daryo» хабар бермоқда.
Тамерлан (судланувчининг исм-шарифи ўзгартирилган) бир неча йил аввал рафиқаси ва икки фарзанди билан Ўзбекистондан Қозоғистонга кўчиб ўтган. У Ақтўбеда уяли алоқа телефонларини таъмирлаш билан шуғулланган. Бироқ унинг рафиқаси касалликка чалиниб қолган ва болаларини олиб, ватанига қайтган. Тамерлан Қозоғистонда ёлғиз қолган.
Кейинроқ у шу вилоятда яшовчи аёл билан танишиб қолган ва унинг уйида тунаб қола бошлаган. Аёлнинг биринчи турмушидан болалари бўлган. 2018 йилнинг август ойида аёлнинг 12 ёшли қизи бувисига эркак унинг номусига текканлигини маълум қилган. Шундан сўнг уни судга беришган.
Судья қизнинг сўзларини таҳлил қилиб, уларда туҳмат аломатлари йўқ деган хулосага келди ва Тамерланни 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Маҳкум ўз айбини тан олмади ва апелляция беришга тайёргарлик кўрмоқда.