Фарғона вилоятида дорихоналарга қурол билан ҳужум қилган босқинчилар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 11 апрель куни соат 00:30 дан 01:00 гача бўлган вақт орасида номаълум шахслар қуролланган ва юзларига ниқоб таққан ҳолда “555” номли дорихонага бостириб кириб, сотувчини ўлдириш билан қўрқитиб, 600 минг сўм пулларни олиб чиқиб кетган. Шунингдек, улар яна бир дорихонага кириб, у ерда ҳам босқинчилик қилиб, 400 минг сўм пулларни олиб кетган.
Тезкор тадбирлар давомида иккита ҳодисани ҳам бир хил шахслар содир этгани маълум бўлган. Кейинчалик улар Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаролар 41 ёшли Т.Дилшод ва 43 ёшли Х.Шерзодлар экани маълум бўлган ва улар ушланган.
Уларнинг хонадони текширилганда бир қатор ашёвий далиллар топилган. Уларга нисбатан ЖКнинг 164-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (босқинчилик) билан жиноий иш қўзғатилган ва ҳибсга олинган. Ҳозирда уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.