Пойтахтимизда яшовчи фуқароларнинг мол-мулкига ниқобланган шахслар ҳужум қилди. Босқинчилар жабрланувчиларнинг уйларига томдан ошиб тушиб, уларга нисбатан зўрлик ишлатиб, оғзиларини скотчлаб, қўл оёқларини боғлаб, ўғирлик содир этишади ва воқеа жойидан қочиб кетишади.
«Замон» информацион дастурида берилган лавҳада айтилишича, орадан кўп ўтмай, жиноятчилар қўлга олинган. Ушбу жиноятни Олмалиқ шаҳридаги жазони ўташ муассасасидан қочиб кетган тўрт нафар маҳбус содир этганликда айбланиб судланган. Қайд этилишича, муқаддам қасддан одам ўлдириш, босқинчилик содир этиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилиб қамалган шахслар жазони ўташ муассасасидан қочиб, яна оғир жиноятлар содир этишган.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди ҳукми билан улар ўта хавфли рецидевистлар деб топилди ва уларга 15 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.