Фарғона вилояти Бувайда туманида аёл 9 ёшли қизни каналга ташлаб юборди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса шу йил 14 апрель куни содир бўлган. Ўша куни фуқаро М.Е. турмуш ўртоғи Б.Й.нинг шаръий никоҳдаги хотинидан бўлган фарзандини мактабдан олиб, уни алдаб, “Ойимтарра” канали томонга олиб бориб, бошига номаълум жисм билан уриб, каналга ташлаб юборган. Ушбу ҳодисани 2005 йилда туғилган Ш.Янгиев кўриб қолган ва дарҳол ҳуқуқ тартибот органларига хабар қилган. Тезкор тадбир натижасида 9 ёшли қизнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Суриштирувлар натижасида аёл бу ишни эрини “кундош”идан рашк қилгани учун содир этгани аниқланган. Ҳолат бўйича ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва аёл ҳибсга олинган. Янгиевга эса кўрсатган жасорати учун ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари берилган.