Ўтган йили Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида бир гуруҳ аёллар ёш қизни таёқ билан уриб, сочларини кесиб ташлагани акс этган видеолавҳа тарқалган эди. Кейинчалик ушбу ҳодиса кескин муҳокамаларга ҳам сабаб бўлган эди.
Воқеа 2020 йилнинг 9 июнь куни соат 22:40да содир бўлган. 4 нафар аёл – Д.Каромат, Д.Олма, Д.Раъно ва Р.Наргизалар О.Ҳамидани Д.Кароматнинг ўғлининг оиласини бузганликда ҳамда уч нафар боланинг етим қолаётганликда айблаб, уни “самосуд” қилишган эди. Улар жанжал вақтида қизнинг кийимларини йиртиб, таёқ билан уриб, қайчи билан сочларини кесиб ташлаган эди. Шундан сўнг ҳолат юзасидан ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
ИИВ Тергов департаментининг маълум қилишича, ҳодисада айбланганларга жазо қўлланилган. Суд ҳукмига кўра Д.Каромат, Д.Олма, Р.Наргизаларга 1,5 йил ва Д.Раънога 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Калтакланган қиз эса уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтган.