Наманганда аёл босқинчиларни ёллади. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 26 апрель куни соат 01:00 ларда Тўрақўрғон тумани Бахт маҳалласида яшовчи 58 ёшли А.Олимжоннинг уйига икки киши қора ниқоб таққан ҳолда бостириб кирган. Сўнгра Олимжон уларга фаол қаршилик қилиб, босқинчиларни кетказиб юборган. Улар ўз навбатида Олимжоннинг телефон аппаратини олиб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Шундан сўнг ҳолат бўйича ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Суриштирувлар давомида ушбу ишни Олимжоннинг 53 ёшли хотини А.Муқаддас уюштиргани маълум бўлган. У шу йўл билан хиёнат қилиб юрган эрининг “ақлини киритиб қўймоқчи” бўлган.
Босқинчилар шахсига аниқлик киритилганда улар Муқаддаснинг 22 ёшли жияни М.Нодирбек ва унинг таниши 21 ёшли Б.Шаҳзодбек экани маълум бўлган.