Тошкентга истеъмолга яроқсиз гўшт олиб келинаётганда тўхтатиб қолинди. Юкхонасида гўшт бўлган юк автомобили Сирдарё вилоятида тўхтатилган.
Маълум бўлишича, Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги постда давлат рақами 30 F 213 UA бўлган «Isuzu» юк машинаси тўхтатилган. Унинг юкхонасида эса 210 кг гўшт борлиги маълум бўлган. Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра машина юкхонасидаги гўштларда ичак таёқчалари намуналари борлиги ва истеъмол қилинганида инсонни заҳарлаши мумкинлиги аниқланган. Шундан сўнг гўштлар тегишли тартибда йўқ қилинган.
Аниқлик киритилишича, гўштларни Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи Х.Х. ва Х.Н.лар Тошкентдаги бозорларнинг бирига олиб бориб сотиши керак бўлган. Улар ўзаро тил бириктириб, тайёр сигирни сўйиб сотмасдан, бозорларда ўтмай қолган гўштларни йиғиб, пойтахтга олиб боришмоқчи бўлишган. Уларнинг режаси амалга ошмай, Сирдарёга борганда ўз якунига етган.
Фуқароларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган ва суд қонуний жазо чиқарган.