Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги АЁҚШда портлаш содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 4 май куни соат 09:30да ҳали қурилиши тугалланмаган АЁҚШда пайвандловчи ходим 20-25 тонналик (25 м3 ҳажмдаги) бензин ва дизел ёқилғисини сақлашга мўлжалланган цистерна устига чиқиб, пайвандлаш ишларини олиб бормоқчи бўлган. У ишни бошлаши билан цистерна ичида йиғилиб қолган газ ва ҳаво аралашмасидан чақнаш содир бўлган ва ёнғин келиб чиққан. 52 ёшли фуқаро дарҳол шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган ва ўша ерда вафот этган. Эркакка бутун танасининг 90-95% термик куйиши ташхиси қўйилган бўлган.
Ҳолат юзасидан АЁҚШ раҳбари, 45 ёшли И.Нуриддинга нисбатан ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми “а” банди (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.