Сурхондарё вилояти Шеробод туманида навбатдаги ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса шу йил 6 май куни соат 22:45 ларда содир бўлган. Дамас ҳайдовчиси йўл четида кетаётган уч нафар пиёдани уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган. Кейинчалик уч нафар пиёда шифохонага мурожаат қилган. Уларнинг икки нафари эса тиббий муолажаларга қарамай вафот этган.
Дамас ҳайдовчиси “Тўсиб ушлаш” режаси орқали ушланган. Кейинчалик ҳайдовчининг ҳужжатлари бўлмагани аниқланган. Ҳолат юзасидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми “а” банди ва 117-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.