Тошкент шаҳрида синглисини ўлдириш учун қотил ёллаган аёлга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Даракчи нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, пойтахтда яшовчи Р.Ҳ. синглиси Р.Г. билан пул йиғиб, уй олиб, ўша ерда иноқ бўлиб яшаб келган. Лекин орада Р.Ҳ. З. Исмли эркак билан танишиб қолиб, у билан яқин муносабатда бўлиб юрган. Бу эса Р.Г.га ёқмаган ва у опасига ўша эркак билан гаплашмасликни тайинлаган. Шундан сўнг жанжал чиқаверган. Бу орада Р.Ҳ. синглисидан қутилиб, уни ўлдиртириб, жасадини йўқ қилиб юбориш режасини тузган. Шу мақсадда Р.Ҳ. аввал судланган Х.С.га мурожаат қилиб, хизмат ҳақи эвазига 5 минг доллар беришини айтган. Х.С. эса бунинг оқибати ёмонлигини айтиб, лекин унга бошқа одамни топиб беришни ваъда қилган. Х.С. шундан сўнг буларнинг барчасини шериги В.Э.га айтган. Шундан сўнг улар ҳолат юзасидан ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилган ва сўнгра Р.Ҳ. ушланган.
Судда айбланувчининг синглиси ҳам сўзга чиқиб, аслида З. исмли эркак оилали бўлганини, у билан опасининг учрашиб юргани ва тунлари йўқ бўлиб қолиши унга ёқмаганини, қолаверса Р.Ҳ.нинг бўйи етиб қолган қизи борлиги учун уларга қаршилик билдирганини айтган. Р.Г. опасини кечирганини ва унга енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Суд ҳукмига кўра Р.Ҳ.га 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.