Хоразм вилоятида Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман судининг раиси ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабар қилди.
Хабар.уз нашрининг маълум қилишича, Мақсудбек Қиличев шу йил 17 май куни соат 05:30—06:00 ларда ўз шахсий автомашинасида кетаётиб, Хива шаҳрида автоҳалокатга учраган. У халқ тилида «Обвандная» кўчасидаги хавфли бурилишда бошқарувни йўқотиб, дарахтга урилган ва олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда ушбу ҳодиса юзасидан ҳуқуқ тартибот органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, Мақсудбек Қиличев 1978 йилда туғилган. У фаолиятини банк соҳасида бошлаб, кейинчалик суд тизимида фаолиятини давом эттирган. Қиличев 2012—2017 йилларда жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман судининг раиси, автоҳалокатгача эса жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди раиси лавозимида фаолият юритиб келган.