11 февраль куни Тошкент вақти билан соат 06:45 да Тюмен – Ханти-Мансийск трассасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳодиса оқибатида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган: 1984 йил 21 февралда туғилган Тошкентбоев Шуҳратбек Ғуломович ва 1983 йил 22 ноябрда туғилган Саяхмедов Бахтиёр Тожибоевич.
Бир киши Тюмен шаҳрининг 2-сонли шаҳар шифохонасига етказилган: 1976 йил 28 ноябрда туғилган Мирзаахмедов Курвонжон Мирзалиевич.
“Стандарт плус” МЧЖ Меҳнат муҳожирларига кўмаклашиш халқаро ассоциацияси (ишга қабул қилувчи фирма) маълумотига кўра, меҳнат фаолиятини амалга ошириш рухсатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун 20 нафар йўловчи билан (барчаси Ўзбекистон фуқаролари) Тоболск шаҳридан Тюмен шаҳрига йўл олган “Мерcедес” русумли микроавтобус юк автомашинаси билан тўқнашган.
Микроавтобусдаги қолган 17 нафар фуқаро жароҳатланмаган ва кейинроқ ўз ҳужжатларини расмийлаштириб, Тоболск шаҳрига қайтиб келган.
Меҳнат мухожирларига ёрдам бериш халқаро ассоциацияси ЙТҲ билан боғлиқ барча харажатларни, шу жумладан, Ўзбекистон фуқаролари жасадларини ватанга қайтариш билан боғлиқ харажатларни қоплашини маълум қилди.
Бош консулхона томонидан ҳамюртларимизга амалий ёрдам кўрсатиш учун тегишли ташкилотлар билан доимий алоқа ўрнатилди.