Сирдарё вилоятида эркакнинг мурдаси ёқиб юборилди. Мурда топилганда у дастлаб Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи 47 ёшли Ф.П.га тегишли эканлиги, уни шаръий хотини ва ўғли оёқ кийими, ишлатган телефон аппарати ва ўнг қўли бармоғидаги нуқсонидан таниб олгани ва ҳодиса юзасидан ЖКнинг 97-моддаси билан жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинганди.
Маълум бўлишича, ҳуқуқ тартибот органларининг саъйи ҳаракати билан мурда кимга тегишли экани аниқ бўлган. У аслида Чилонзор туманида яшовчи С.С.ники экани аниқланган. Мурдани укаси таниб олган. Мурдани аниқлашда ҳодиса жойидан топилган ароқ идиши қўл келган. Ундан айнан С.С.нинг бармоқ излари топилган. С.С. шу йил 28 майда уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Кейинчалик аниқлик киритилишича С.С.ни Ф.П. алдаб Сирдарёга олиб кетган. Мирзаобод туманида у С.С.га ароқ ичириб, уни тириклайин ёқиб юборган. Мурда Ф.П.га тегишли деган фикрни уйғотиш учун эса у ерда ўз Кобалтини ташлаб кетган.
Таъкидланишича, фуқаро Ф.П.нинг кўчада қарзлари кўпайиб кетган бўлган ва шу сабабга кўра ўзини ўлдига чиқариш учун бошқа бир шахсни тириклайин ёқиб юбориб, ўзини гўёки ёниб кетди деган тасаввур уйғотмоқчи бўлган. Ф.П. ҳоидса содир бўлгач Оҳангарон туманида яшириниб юрган. У ўша ердан ушлаб келинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.