Аввал хабар қилганимиздек 30 октябрь куни Қозоғистоннинг Оқтўба вилояти жиноят ишлари бўйича туманлараро ихтисослашган судида Оқтўбада ёниб кетган автобус иши бўйича суд бўлиб ўтди.
Судда давлат прокурори Усмон Ўринбасарули ёниб кетган автобуснинг уч ҳайдовчисини Қозоғистон жиноят кодексининг 292, 345-моддалари билан айбдор деб ҳисоблаган ва уларга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш, 7 йил ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, шунингдек, йўловчи ташиш бўйича ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган.
Усмон Ўринбасарули "Азиатранзитсервис" транспорт компанияси директори ва механигини ҳам айбдор деб топган ва уларга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш, 5 йил йўловчи ташиш бўйича ишлаш ҳуқуқи ва раҳбарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазолари тайинланишини сўраб судга мурожаат қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча бўлиб ўтган судда йўловчиларнинг аксарияти ёнғин пайтида уйқуда бўлган ва улар ис газидан ҳалок бўлгани таъкидланган эди.