Ушбу ҳодиса акс этган видео телеграм каналларда кенг тарқалди. Унинг изоҳида йигитни дўппослаётган шахслар “кимнингдир эркатойи” экани айтилган ва иш “босди-босди” бўлаётгани таъкидланган. Ҳолат пойтахт ИИББ томонидан ўрганилган ва улар ҳодиса юзасидан изоҳ берган. Бошқарманинг маълумотига кўра, воқеа 10 июль куни тумандаги дўконларнинг бирининг олдида содир бўлган. 26 ёшли Қ.Баходирни икки киши ҳеч бир сабабларсиз дўппослаган ва шундан сўнг йигит шифохонага ётқизилган.
Хабар қилинишича, йигитни дўппослаганларнинг шахсига аниқлик киритилган ва Р.Сардорбек ҳамда бошқаларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Бошқарма видеони тарқатиб, унга юқоридагидек изоҳ қолдирганларга эса қуйидагича жавоб қайтарган.
Айрим фуқароларнинг ҳуқуқий билимга эга бўлмаганлиги ҳамда жиноят ишини қўзғатишнинг процессуал асослари ва тартибини билмаслиги кўпинча тушунмовчиликларга, видеотасвирга берилган шарҳдаги каби асоссиз айбловларга сабаб бўлмоқда. Шунинг учун биз фуқаролардан бу каби айбловларга шошмасликларини, айниқса воқеа юз берганига қисқа вақт ўтганлигини, уларнинг хулосалари хато бўлиши мумкинлигини инобатга олишларини сўраб қоламиз, – дейилади бошқарма изоҳида.