Қашқадарё вилоятида аёл ўзини ҳаракатланиб кетаётган машина салонидан ташлаб юборди, дея хабар қилди EVERYDAY.UZ мухбири.
Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди раиси Лазиза Расулованинг маълумотига кўра, фуқаро З. қариндошининг уйига автошинада ҳашарга бориб, ҳурмачаси тўлгунча спиртли ичимлик истеъмол қилган. Сўнгра маст ҳолатда автомобилни бошқариб, уйига қайтган. Фуқаро йўлда такси тўхтатиб турган аёл М.ни олиб кетган. Шундан сўнг аёл ҳайдовчининг маст эканини сезиб қолган ва З.дан машинани тўхтатишни сўраган. Ҳайдовчи ғайритабиий ҳаракатлар содир этгани учун аёл ўзини катта тезликда кетаётган машинадан ташлаб юборган. Фуқаро З. аёлнинг қонга беланиб ётганини кўриб, воқеа жойидан қочиб кетган. Аёл эса олган тан жароҳатлари натижасида оламдан кўз юмган.
Лазиза Расулованинг хабар қилишича, ушбу ҳодиса юзасидан суд бўлиб ўтган ва унинг қарорига кўра эркак муайян муддатга озодликдан маҳрум этилган ҳамда жабрланувчиларга етказилган 55 миллион сўмлик моддий ва маънавий зарарни ундириш жазоси ҳам тайинланган.