Самарқандда “Аҳмадбойнинг синглиси” ҳаммани чув туширди

Самарқандда “Аҳмадбойнинг синглиси” ҳаммани чув туширди
“Тўкис ҳаёт кечириш — тинимсиз меҳнат ва сабр-тоқат талаб қилади. Агар бирор кимса сизга осон бойиш, мўмай даромад топишни таклиф қилса, билингки, сиз фирибгарга дуч келдингиз. Дунёда жиноят турлари ичида энг кўп учрайдигани ҳам фирибгарликдир.

Ёдингизда бўлса, аввалроқ Аҳмадбой билан боғлиқ йирик молиявий пирамида шаклидаги фирибгарлик ортида анчагина машмашалар содир бўлганди. Айбдорлар тегишли жазосини олганди. Аммо бу билан фирибгарлик жинояти ва унга чув тушаётганлар камайгани йўқ. Айниқса, сўнгги пайтларда фирибгарлик хотин-қизлар ўртасида кўпайгани ачинарли. Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Қумчуқ маҳалласида содир этилган йирик фирибгарлик жинояти ҳам шулар жумласидан.

Бир қоп шакарга алданганлар


Эрта тонгдан онасини қўмсаб йиғлаётган 3 ёшли неварасини овутолмай, Мастура ая (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ўзини йиғидан тутиб туролмади. Қариган чоғида ҳаловати йўқолди. Устига-устак, куни кеча катта невараси мактабдан йиғлаб қайтди. “Сенинг онанг ҳамманинг пулини алдаб олиб қўйган”, дея синфдошлари ажратиб қўйганмиш. Маҳалладагилар ҳам қизи Барнога “Аҳмадбойнинг синглиси” деб лақаб қўйиб олишган. Барно айни фарзандларига керак бўлган пайтда умрини панжара ортида ўтказаётгани Мастура аянинг қаддини букиб қўйди. Қизининг қилмишларидан сўнг онахон кўчага ҳам чиқолмай қолди...

...Бир пайтлар Барно ҳам барча қатори рисоладагидек оила қурган эди. Уйи яқинидаги коллеж кутубхонасида кутубхоначи бўлиб ишларди. Кетма-кет уч фарзандли бўлди. “Рўзғор — ғор”, деганларидек, бора-бора эрининг топиш-тутишидан кўнгли тўлмади. Ўйлай-ўйлай, ўзини савдо-сотиққа урди. Дўкон очиб, аёллар либосларини сота бошлади. Ҳар бир ишнинг қийинчилиги бўлгани каби савдонинг ҳам ўзига хос машаққатлари борлигини англади. Шундан сўнг тезда бойиб кетиш йўлларини қидира бошлади. Турли режалар миясида чарх уриб айланарди.

Кўп ўтмай, барчанинг наздида тижорат ишлари билан шуғулланаётган бой аёлдек кўринишга кириб, ёнидагиларнинг ишончига кирди. Пулини кўпайтириб қайтариш эвазига бошқа тадбиркорлардан пул ола бошлади. Аввалига пул берганларга келишув учун бир қопдан шакар, каттароқ маблағ берганларга эса мебель анжомларини ҳадя этди. Унинг сахийлигидан тез орада бошқалар ҳам хабар топди. Энди одамларнинг ўзлари пулларини олиб келиб берадиган бўлишди.

“Минг долларни икки минг қилиб бераман...”


Дўкони ёнидаги икки қаватли бинода уч ака-ука савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланарди. Барно уларга ҳам пулларини кўпайтириб беришни таклиф қилди.

— Агарда минг доллар берсангиз, икки ойда икки минг доллар қилиб қайтараман, — деди Барно. — Яна кўп маблағ учун алоҳида “бонус”лар ҳам бор.

Аввалига ака-укалардан рад жавобини олган бўлса-да, кўнгилларига чўғ ташлаб қўйганини сезди. Кўп ўтмай, ака-укалар ҳаловатини йўқотишди. Бир-бирига билдирмаган ҳолда йиққан маблағини Барнонинг қўлига тутқазишди. Қизиғи шундаки, уларнинг умр йўлдошлари ҳам яширин тарзда Барнога йиққан пулини олиб келиб беришди. Кунларнинг бирида овсинлар бир-бирига берган қарз устида жанжаллашиб қолишди. Ҳаммаси ана шундан кейин бошланди.

— Бунча, бераман шу пулингизни. Барнога берганман, эртага бориб оламан. Икки баравар қилиб бераман деган, — деди катта овсин кичигига.

Аммо овсинлар ҳар қанча уринмасин, Барнони топишолмади. Уйига борса — уйида, дўконига келса — дўконида йўқ эди. Хуллас, битта оила, яъни уч ака-ука ва хотинлари 90 минг АҚШ долларига чув тушишганини кеч англашди. Бу пайтда Барно ишлари ўзи кутмагандан-да юришиб кетганидан сармаст эди. Ўйлаб ўтирмасдан ким пул берса, олаверди. Аммо “кўза кунда эмас, кунида синади”, деганларидек, кўп ўтмай, “пулимни қайтариб бер”, дея эшигини тақиллатиб келадиганлар кўпайди...

“Маҳаллага қилинган шикоят орқали билдик”


— Барнонинг қилмишларидан йиғинга шикоят қилиб келган аёл орқали хабар топдик, — дейди Қумчуқ маҳалласининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Нигора Муродиллаева. — Маълум бўлишича, Барно у аёлга арзон нархда ер-участка олиб бераман деган. Аёл бор пулини унинг қўлига топширган. Участкадан дарак бўлавермагач, пулини олишга борса, Барно тан олмабди. Маҳалла раиси, профилактика инспектори билан бирга бордик. Маълум бўлишича, Барно кўпчиликнинг пулини алдов йўли билан олишга улгурган экан. Пулини ололмаган аёл жанжаллашиб, унинг уйидаги баъзи жиҳозларни олиб кетди. Барно билан юзма-юз гаплашганимизда: “ўзим ҳам бир кишига алданиб қолдим”, деди. Ортиқча гапирмади. Ҳозирда у жазо муддатини ўтамоқда. Болаларига онаси қараб турибди. Турмуш ўртоғи фарзандларидан тез-тез келиб хабар олади.

Буни қарангки, аёлнинг фирибгарлиги ҳақида ҳамма хабар топиб, миш-мишлар кенг тарқалса-да, маҳалла фаоллари бундан бехабар қолган. Унинг хонадонига ҳар куни ўнлаб кишилар пул бериб кетган, вақт ўтгач, маблағини сўраб жанжал-тўполонлар қилган. Аммо масъулларнинг ҳеч бири буни сезмаган, кўрмаган.

Ачинарлиси, Барнонинг турмуш ўртоғи ва отаси ҳам доимо савдо ишларига ёрдамлашиб келишган. Аммо улар ҳам аёлнинг фирибгарлик қилаётганидан бехабар қолганини айтишмоқда. Аслида ҳар қандай эркак аёлининг нима қилаётганидан хабардор бўлиши кундек равшан-ку. Аёл шунча пулни олса-ю, ёнидаги умр йўлдоши бехабар қолиши ҳақиқатдан йироқ. Ёки отани ўз қизининг босаётган қадами наҳотки ўйлантирмаган бўлса?!

Қонун ҳамма учун баробар. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фирибгар аёл устидан ўнлаб шикоятлар келиб тушгач, унга нисбатан жиноий иш очилди. Суд томонидан тегишли жазо тайинланди.

Мақолани тайёрлаётган пайтимиз Барнонинг жазони ижро этиш муассасасида кўзи ёригани ҳақида эшитдик. У ўғил фарзандли бўлибди. Ачинарлиси, туғилган гўдак улғайгач, келажакда ўзининг панжара ортида дунёга келганини эшитса, қай аҳволга тушиши ҳақида Барно ҳеч ўйлаб кўрганмикан? “Халқимизда бировнинг ҳақи буюрмайди” деган нақл бежизга айтилмаган. Шунча алдов билан олинган пуллар унга насиб этармикан?”

Манба: Mahalladosh.uz

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университети битирувчилари дунёнинг топ-100 талик университетида магистратурани давом эттиради…

2022 йил Самарқанд давлат университети Италиянинг Болонья университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унга кўра СамДУ...
6-12-2024, 11:20

Самарқанд давлат университети Хитойдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттиради…

Самарқанд давлат университетига Шенси провинциясининг (Хитой) Бош прокурори Ван Юн бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан...
4-12-2024, 09:27

Ватан ва Виждон

Инсонга ота-онани ва Ватанни танлаш имконияти берилмаган. Дунёга келган ва киндик қонимиз тўкилган манзил Ватан ҳисобланади. Худди,...
3-12-2024, 08:58

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
29-11-2024, 12:34

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42
Ўзбекистон янгиликлари » Ҳодиса » Самарқандда “Аҳмадбойнинг синглиси” ҳаммани чув туширди