Тармоқларда Фарғона вилоятида содир бўлган воқеа ҳақида маълумот тарқалди. Унда 4 нафар йигит такси ҳайдовчисини ваҳшийларча ўлдиргани айтилган.
Тарқалган хабарларда 4 нафар йигит (уларнинг 3 нафари вояга етмаган) шу йил 20 июль куни аввалдан тил бириктириб, такси чақиришга келишиб олишгани маълум қилинган. Улар такси чақиргандан сўнг ҳайдовчидан машинанини ҳамда телефонини олиб қўйишга келишиб олишган. Шундан сўнг улар такси чақириб, 150 минг сўмга келишиб, ҳайдовчидан Қува туманига олиб боришни сўраган. Спиртли ичимлик ичган ёшлар манзилга етиб боргач ҳайдовчига қайчи билан ҳужум қилиб, сўнгра тош билан уриб ўлдирган. Йигитлар ҳайдовчининг телефонини олган ва Нексия 3 автомашинасини Фарғона шаҳрида қолдириб кетган.
Бош прокуратура маълумотига кўра, воқеада гумонланганларнинг барчаси ушланган. Уларга нисбатан ЖКнинг 97 (Қасддан одам ўлдириш) ва 164 (Босқинчилик) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.