Аввалроқ Қашқадарё вилоятида спортчи Элбек Раҳимов ўлдирилгани ва иш юзасидан 6 нафар гумонланувчи ушлангани ҳақида хабар қилган эдик.
Маълум бўлишича, айни вақтда Олий суд раиси Козим Комилов, бош прокурор Ниғмутулла Йўлдошев ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирокида Қаршида қотиллик юзазидан матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Унда ИИВ вазири Пўлат Бобожонов жиноятнинг ташкилотчиси Зуҳриддин Боймирзаев эканини, у 18 август куни соат 17:05 да Чироқчи туманидаги яширинган жойидан ушланганини айтди. Вазир жиноят иштирокчиларининг ҳаммаси қамоққа олинганини маълум қилди.
Бобожоновнинг қўшимча қилишича, қотиллик содир этганларнинг 2 нафари вояга етмаганлар ва уларнинг деярли ҳаммаси нотинч оилада вояга етган. Хусусан, ушбу жиноятни ташкиллаштирган Боймирзаевнинг отаси ўз укасининг хотинини ўлдириб, қамоқда ўтиргани айтилди. Шунингдек, Боймирзаев қотиллик ташкилотчиси бўлган бошқа бир йигит билан бир уйда яшаган.
Бош прокурорнинг айтишича, ҳодиса содир этилган жойдан пневматик тўппонча ўқи топилган. Шунингдек, гумонланувчиларнинг машинасидан тўппонча топилган.
Олий суд раиси Козим Комилов эса ушбу иш доирасида бўлиб ўтадиган суд иши очиқ тарзда бўлиб ўтишини ва унда журналист ҳамда блогерлар иштирок этиши мумкинлиги таъкидлади.