Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ички ишлар ходимлари бир нафар эркакни қувиб кетаётгани акс этган видео тарқалди.
Маълум бўлишича, ушбу ҳодиса Қарши шаҳрида шу йилнинг 19 февраль санасида содир бўлган. Фуқаро Н.Л. танишлари А.Т. ва Ш.С. билан “Виктория” ресторанида дам олган. Н.Л. ўша ерда ресторан ишчиси С.А.га “Мусиқани ўчирсанг, шу пичоқни пешанангга отаман” деб қўрқитган ва жанжаллашган. Шунда уларни тинчлантимроқчи бўлган ички ишлар ходимларига ҳам қаршилик кўрсатилган. Н.Л. А.Т. билан бирга ходимларни силтаб ташлаб қочишга уринган. Шунингдек, Н.Л. кўчада ички ишлар ходимига пичоқ билан ҳужум қилганда ходим йиқилиб тушиб, жароҳат олган.
Таъкидланишича, кўрилган чора натижасида ўша куни Н.Л. зарарсизлантирилиб, ушланган. Ҳодиса юзасидан Н.Л. ва А.Т.га нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Мазкур иш 2 август куни судда кўриб чиқилган ва фуқаролар тегишли жазони олган.