Аввалроқ пойтахтда жаҳон чемпиони Камолиддин Расулов ўлдириб кетилгани ҳақида ёзган эдик. Ушбу ишни содир этганликда унинг таниши гумонланаётган эди.
Марказий студия кўрсатувида кузатув камерасига тушиб қолган лавҳа намойиш этилди. Унда яраланган спортчини икки киши қувлаб кетаётганини кўриш мумкин. Шунингдек, кўрсатувда прокуратура ходими иш доирасида бир киши қамоққа олинганини айтган. Дарё нашри мазкур ҳолатга эътибор қаратиб, Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновдан ҳолатга аниқлик киритишга уринган.
Шамсутдинов ўз навбатида ҳолатга тергов давомида аниқлик киритилишини маълум қилган.
Шунингдек, нашр марҳумнинг яқини билан ҳам суҳбатлашган ва у суҳбат давомида Расуловни икки киши қувганини учинчи одам эса йўлини тўсиб, уни ушлаганини айтган. Марҳумнинг опасининг айтишича улар ўша ерга ҳам келиб, укасини яна пичоқлашган, ўша куни укаси яшайдиган ‘дом’ ёнига келиб, қайта-қайта телефон қилишган ва Расулов хотинига ‘менга тинмай телефон қилишяпти, нима гапи бор экан, кўришиб келайчи’, деганини қўшимча қилган. Марҳумнинг опаси укаси уларнинг ёнига борганда уни ваҳшийларча пичоқлашганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, ҳолат юзасидан Ш.Т.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов олиб борилмоқда.