Тошкент шаҳрида жойлашган тунги клубларнинг бирида бир гуруҳ йигитлар ўртасида пичоқлашиш содир бўлди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати «Bugun.uz»га маълум қилди.
Маълум бўлишича, 1997 йилда Фарғона вилоятида туғилган С. 4–5 нафар танишлари билан соат 3:00 атрофида савдо мажмуасига борган. Улар бинонинг 3-қаватида жойлашган тунги клубга чиққан. Соат 5:30 атрофида ҳисобни тўламай кетмоқчи бўлганда уларни қўриқчилар тўхтатган. Шу пайтда маст йигитлар клубдан чиққан 2 қизга гап отиб, улар билан жанжаллашиб қолган.
Қайд этилишича, 19 ёшли С. ва унинг шериклари ҳам клубдан чиқиб, жанжалга аралашган. Муштлашув бошланган ва 24 ёшли йигит ёнидан ошхона пичоғини олиб, икки йигитнинг қорин қисми, улардан бирининг ўнг қўл елка соҳасига бир маротаба, яна бир йигитнинг кўкрак қафаси орқа юзасига икки маротаба уриб, оғир тан жароҳати етказган.
Шунингдек, у орқа томондан югуриб келиб, жанжалга аралашган ўзининг дўстини ҳам нариги гуруҳдан деб ўйлаб, қорнига пичоқ урган. Пичоқланганларнинг икки нафари ўз вақтида шифохонага олиб борилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган. Қолган икки кишининг бири воқеа жойида, иккинчиси эса шифохонада вафот этган. Таъкидланишича, 4 йигитни пичоқлаган С. 22 йилга, 19 ёшли С. эса 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.