Самарқанд вилояти Қаттақўрғон туманида қайнона ва ўғил марҳум келинни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказишда айбланмоқда. Таъкидланишича, қайнонанинг келиндан норозилигига асосий сабаб аёлнинг кетма-кет қиз фарзандлар кўргани бўлган. Бу ҳақда Zamon дастури репортажида хабар берилди.
«Улар оиладаги арзимас сабабларни баҳона қилиб, аёлни йиллар мобайнида таҳқирлаб келган. Бундан мутасаддилар ва мактаб жамоаси ҳам хабардор бўлган», — дейилади дастурда.
«Яраштириш учун мен қўлимдан келган ҳаммасини қилдим. Маҳалла раисимизга бир неча маротаба мурожаат қилдим, телефон орқали, ўзим юзма-юз келиб. Бугун тўйим бор, эртага гап-гаштим бор дейди. Узоқлигини бир ойларга чўзиб ҳам ёрдам қилмади», — дейди марҳуманинг эри.
"Газета.uz"да реклама
Маълумотга кўра, 2020 йилнинг ноябрь ойида эр аёлини яқин қариндошларига тегишли дўқондан қайнонаси номига қарз олганликда айблаган. Танасининг турли жойларига электр кабели, қўллари, оёқлари билан жароҳат етказган. Шунингдек, хотинини уйида даволанишига кўндириб, шу билан жазодан қутулиб қолган.
«Юзига, қўзини олдига, елкасини урганимни тан оламан. Кейин, уйнинг орқа томонига қочиб, чопиб чиқиб кетди. Шу ерда озгина арқонга ўхшаган нарса бор, шу билан ҳам елкасига урганим рост», — дейди айбланувчи.
Декабрь ойидаги жанжалларда қайнона келинини уриб, қайноқ сувни юзига сепиб юборган. «Ўғлим билан умуман келишмай қолмаган. Фақат мен билан келишмади. Фақат, енгилтабиат характери бўларди, шунчалар қўпол муомала қиларди менга. Мен ўзимдан ўтганини ўзим билдим» — дея таъкидлади қайнона.
Дастурда айтилишича, оиланинг тўнғич қизи бувиси ва дадаси томонидан онасига мунтазам тазйиқ ўтказилишига чидай олмай, яшаш уйи оғилхонасига арқон билан ўзини-ўзи осиб қўйган. Орадан 2 соат ўтиб, зўравонликлардан тўйган аёл ҳам қизининг ёнида ўз жонига қасд қилган.
«Бир марта бир инсон қизинг тинчми деб сўрагани йўқ. Шу орада ҳам кетди, уйим деб, жойим деб, кетди қизим», — дейди марҳума аёлнинг онаси.
Прокурор ушбу ҳолат бўйича ички ишлар органига қонуний баҳо беришини айтди. Сабаб, аёлга ҳимоя ордери берилган бўлсада, кузатувга олинмаган. «Тазйиқлар, босимлар бўлиб келингани натижасида оиланинг икки нафар аъзолари, улардан бири вояга етмаган 16 ёшли қиз ва унинг онаси ўз жонига қасд қилиш натижасида вафот этган», — деди прокурор.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, биринчи навбатда мактаб директори ҳаракатларига, маҳалла қўмитаси, ўша маҳалла раиси ва унинг ўринбосари ҳамда мутасаддиларига, бундан ташқари ички ишлар органларининг аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўлимининг мутасадди ходимларига нисбатан бу бўйича ҳуқуқий баҳо берилиб, натижаси бўйича қониний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Қаттақўрғон туманида бўлиб ўтган очиқ судда қайнона ва ўғил айбли деб топилди. Судланувчи Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари (моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган ва вояга етмаган шахсга нисбатан ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан айбли деб топилиб, 7 йил озодликдан маҳрум қилинди. Қайнона ҳам 4 йилга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинди.