Қашқадарё вилояти Қарши туманида севган қизининг собиқ эрини пичоқлаб ўлдирган йигит ва унинг шеригига суд ҳукми ўқилган. Бу ҳақда Олий Суд матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Қарши туманида яшовчи Ш.М. бир неча йил аввал Нишон туманида яшовчи Н.Б. билан танишган. Улар бир-бирини ёқтириб қолиб, оила қуришга қарор қилган. Бу орада Ш.М. ишлаш хорижга кетган ва Н.Б.ни уйдагилари қўшни туманда яшовчи қариндошларининг ўғли бўлган Б.га узатиб юборган. Б.нинг аввал ҳам уйлангани, аммо фарзанд кўрмагани сабабли ажрашганини катталар Н.Б.га тўй арафасида айтишган.
Қайд этилишича, Н.Б. тўй ўтгандан сўнг тўрт ой ўтиб ота уйига қайтиб келган. Бу орада танишлари орқали воқеадан хабар топган Ш.М. хориждан қайтиб келган ва Б.дан қасд олишни мақсад қилган. У Қаршидаги қурилишда бирга ишлайдиган Р.Р.ни ўзига шерик бўлишга кўндирган.
Улар Б.ни ўлдириш режасини тузишган ва тайёргарлик кўриш мақсадида иккита ошхона пичоғи ва махсус қўлқоп сотиб олишган. Шундан сўнг Ш.М. жиянини чақирган ва унга тегишли «Lacetti»да Б. яшайдиган қишлоққа боришган.
Кейинчалик ўтказилган тергов жараёнида аниқланишича, улар манзилга яқин келиб машинадан тушган ва Б.нинг уйига бориб ёнилғи излаб юришганини айтишган. Б. уйдан 10 литр ёнилғи олиб чиққач, Р.Р. уни чалғитган, Ш.М. эса ошхона пичоғини унинг танасига бир неча марта зарб билан санчган. Оқибатда Б.оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган. Қотиллар эса яширинишган.
Кўп ўтмай Ш.М. ва Р.Р. ушланган ва улар қонун олдида жавоб беришган. Суд уларнинг иккаласини ҳам Жиноят кодексининг 97-моддасининг (Қасддан одам ўлдириш) тегишли бандлари билан айбли деб топиб, узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинлаган. Бундан ташқари, судланувчилардан марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 50 миллион сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.