Миллий гвардиянинг Бухоро вилояти бошқармаси офицери, катта лейтенант Муроджон Раҳматуллаевнинг «Дарё»га хабар беришича, 2021 йилнинг 22 сентябрь куни Бухоро шаҳри ҳудудида жойлашган кўлда ўзи ва икки яшар ўғлининг жонига суиқасд қилмоқчи бўлган аёлнинг хатти-ҳаракатлари Миллий гвардия ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.
Таъкидланишича, шаҳарнинг Имом ал-Бухорий номидаги маҳалласида яшовчи 35 ёшли Г.Э. исмли аёл ўзи ва икки яшар ўғли С.Т.нинг жонига қасддан суиқасд қилиб, «Сомонийлар» истироҳат боғида жойлашган чуқурлиги салкам беш метрни ташкил қилувчи кўл сувига ташлашга уринган. Шу ҳудудда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари — сержант Жалил Ашуров ҳамда кичик сержант Рустам Йўлдошев эса аёлнинг хатти-ҳаракатларини ўз вақтида пайқаб, уни тўхтатиб қолган.
«Аёлнинг шубҳали ҳаракатларини пайқаб, чамаси, ўн дақиқалар уни кузатиб турдик. Асабий ҳолатда йиғлаб турган аёлнинг хатти-ҳаракатидан ўзи ва ўғлининг жонига қасд қилишга чоғланаётгани аён эди. Тезкор ҳаракат билан мен ўғлини, шеригим эса аёлнинг ўзини қўлидан тутиб қолди. Шундан сўнг унга хатти-ҳаракатлари нотўғрилигини тушунтириб, ҳудудий ички ишлар бўлимига олиб бордик», — деди Жалил Ашуров.
Аниқланишича, аёл ва унинг 60 ёшли қайнонаси М.С. ўртасида оилавий келишмовчилик келиб чиққан ва жанжал юзага келган. Шундан сўнг Г.Э. боласини етаклаб, ҳовлидан чиқиб кетган.
«Кунора жанжаллар ўзимни ҳам чарчатган. Охири келинимга ‘ота-онангнинг уйига ўн-ўн беш кун кет, мен асабларимни тинчлантирай, қариган чоғимда қачонгача бундай келишмовчиликда сиқилиб яшайман’, дедим. У эса алам устида кўлга бориб, ўзи ва боласини сувга ташлашга уринган. Ўғлим пул ишлаш мақсадида хорижда юрибди. Келин эса ҳар куни ҳали у, ҳали бу қўшнининг уйига чиқиб кетади. Сўрасам, эри билан интернетда гаплашиб қайтаётганини айтади. Охири сабрим чидамай, тартибга чақирдим. Аммо у сансираб, жуда хунук сўзлар билан мени ҳақоратлади. Ахир, мен ҳам онаман», — дейди қайнона йиғлаганча.
Қайнонанинг айтишича, келини 35 ёшда, унинг ўғлига иккинчи хотин бўлиб тушган. Ва ўғлининг хотини ҳамда икки нафар боласи борлигидан хабардор бўлган.
«Невараларим ҳовлимга келганда, уларга қаршилик кўрсатади. Улар ҳам боламнинг боласи. 2015 йилда Г.С. ҳовлимизга келин бўлиб тушганда 35 ёшда эди. Ўғлимга хотин бўлиб келишига қарши бўлиб чиққанимизда, ўшанда ҳам жонига қасд қилишга уринган эди», — дейди қайнона.
Ички ишлар бошқармаси томонидан «Дарё»га маълумот берилишича, Г.С.га воқеадан сўнг ҳимоя ордери берилган. Тушунтириш ва профилактик ишлар олиб борилган. Унинг ҳолати психологлар томонидан ўрганилиши ҳамда ўзи доимий назоратда бўлиши лозимлиги уқтирилган.
«Аёлнинг қайнонаси маҳалламиздаги фаол аёллардан. Бирор маротаба оилавий жанжалларидан хабар топмаганмиз. Келини ҳам уйдаги гапни кўчага олиб чиқмаган. Аслида, ўзаро оилавий ички жанжал шу даражага етган экан, демак, биз ҳам эътиборсиз қолганмиз. Қайнона ва келин юзлаштирилди. Келин қайнонадан ўзининг хатти-ҳаракатлари учун қўни-қўшни, маҳалла-кўй олдида кечирим сўради. Қайнона-келин яраштирилди. Келинни иш билан таъминлаш чораларини кўрамиз», — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Хўжаев.
Бухоро шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Маърифат Умарованинг «Дарё»га маълум қилишича, аёл қайнонаси билан юзага келган тортишув сабаб алам устида фарзандини эмас, фақат ўзини сувга ташламоқчи бўлганини билдирган.
«Шунга қарамасдан, қайнона-келин ўртасидаги ички келишмовчилик бошқа кўнгилсиз ҳолатларни ҳам келтириб чиқармаслиги учун ушбу оила билан мунтазам шуғулланишда давом этамиз», — деди Маърифат Умарова.