Навоий вилоятининг Нурота туманида Nexia-2 ҳайдовчиси эътиборсизлиги сабаб бошқарувни йўқотиши оқибатида автомобиль ағдарилиб кетди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, Жиззах вилоятига тегишли бўлган Nexia-2 русумли автомобиль Фориш—Нурота йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётиб, ҳайдовчи тезликни ҳисобга олмагани натижасида йўлнинг хавфли бурилиш қисмида ағдарилиб кетган.
Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчининг машина ичида йўловчи сифатида кетаётган 1946 йилдан туғилган онаси воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Нурота тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.