Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманининг 3-секторида жойлашган “Халқобод пахта тозалаш” акциядорлик жамиятига қарашли “Бўз овул” фермер хўжалиги томонидан олиб келинган 2110 килограмм пахта ўлчовдан ўтказилгандан кейин кўздан кечирилганда трактор тиркамасидаги пахта орасида одам борлиги аниқланган. Бу одам трактор тиркамасидан туширилиб қайта ўлчанганда, пахтанинг оғирлиги 2020 килограмм тош босган.
Аниқланган ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат комплекси ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат инспекцияси Кегейли тумани бўлими томонидан маъмурий иш қўзғатилиб, туман маъмурий судига кўриб чиқиш учун юборилган.
Суд томонидан жорий йил 30 октябрь куни ҳуқуқбузарга энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида, яъни, 184 минг 300 сўм маъмурий жарима солинган.