«Қўшниларим қутқариб қолишди, йўқса ўлардим». Қашқадарёдаги Дониёршайх қишлоғига охирги 14 йилда 3-сел келди

«Қўшниларим қутқариб қолишди, йўқса ўлардим». Қашқадарёдаги Дониёршайх қишлоғига охирги 14 йилда 3-сел келди
Қашқадарёнинг Китоб туманидаги қишлоқларга сел ёпирилгани ҳақида хабар берилган эди. Сел ва унинг оқибатлари хусусида батафсил маълумот олиш мақсадида «Дарё» мухбири Дониёршайх қишлоғида бўлди.

— 28 март куни кечки пайт соат 6 га яқин келган сел охирги 14 йил ичидаги 3-сел ҳисобланади, — дейди Дониёршайх қишлоғида истиқомат қилувчи Иброҳимхўжа Эшонов. – 2007 йил ва 2015 йилларда шундай ваҳимали сел келганди. Ўшанда ҳам қишлоғимиз ўртасидаги кўприк талабга жавоб бермаганлиги сабабли сел кўприк устидан ўтиб, аҳоли хонадонларига ҳам кирганди. Бу сафар ҳам шундай бўлди.

Аҳоли вакилларининг айтишича, сел 28 март куни кечки пайт соат 17:00 да тоғ этагида ярим соат ёққан дўл сабаб юзага келган. Ушбу қишлоқда яшовчи Ғулом Исмоиловнинг қўшимча қилишича ўша куни ёққан дўл 15 сантиметрга етган.

«Қўшниларим қутқариб қолишди, йўқса ўлардим». Қашқадарёдаги Дониёршайх қишлоғига охирги 14 йилда 3-сел келди

— Ўша куни кечки пайт чамаси 16:30 да тоғ этаги қорайгач, қишлоқ подачисига (мол боқувчи чўпон. таҳририят) телефон қилиб, молларни ҳайдаб кетишини айтдим, — дейди Ғулом Исмоилов. – Чўпон молларни ҳайдаб ўтгач, дўл ёғишни бошлади. Ярим соат ёққан дўл 15 сантиметр қалинликда ерни оқартирди.

— Кечки пайт соат 6 га яқин кела бошлаган сел 2 соат давом этди, — дейди Иброҳимхўжа Эшонов. – Кучли ва катта-катта ёққан дўл қишлоқ ўртасида жойлашган кўприк тагидаги «труба»га тиқилиб қолиб, ўтмай қолди. Шунда сел кўприк устига чиқди. Сел оқими шунчалик кучли эканки, ҳатто кўприк устидаги бетон тўсиқларни ҳам олиб кетди.

Маълум бўлишича, Дониёршайх қишлоғида 2 та кўприк мавжуд бўлиб, бири қишлоқнинг кириш қисмида, иккинчиси эса қишлоқ ўртасида жойлашган. Қишлоқ бошидаги кўприк тагидаги «труба» тўртбурчак шаклидаги катта сиғимли бўлганлиги учун ҳам дўл аралаш келган сел кўприк устига чиқолмаган. Қишлоқ ўртасидаги кўприк тагида жойлаган диаметри 1,5 метрлик 2 та ва диаметри 1 метрлик битта «труба»га сиғмаган сел кўприк устига чиқиб кетган.

— 2007 ва 2015 йил келган кучли сел қишлоқдан 300 бошга яқин қора мол ва майда шохли молларни оқизиб кетганди, — дейди Юсуф Юнусов. – Экинларни бадном қилганди. Бу йил Яратган асради. Шукурки, молларни ўз вақтида ҳайдаб ўтишган. Бироқ куни кеча келган сел ҳам талофат етказмай қолмади. Йўлларни ювиб кетди. Аҳоли экинига зарар етказди.

Ушбу қишлоқда яшовчи Ғайбулла Саидов ва аҳоли вакилларининг айтишича, сел Ғайбулла Саидовни 15 метр узоқликка оқизиб борган. Қишлоқдошлари ёрдами билан оқимдан омон чиққан Ғайбулла Саидов селдан жуда қўрққанини таъкидлар экан, «Қўшниларим қутқариб қолишди, йўқса ўлардим», — дейди.

Ғайбулла Саидов ўша қўрқув сабаб ҳалигача яхши ухлолмаётганини билдирди. «Шукурки, патронаж ҳамширалар келди. Дори беришгач, аҳволим яхшиланди», — дейди сел оқимидан омон чиққан суҳбатдош.

Китоб туман тиббиёт бирлашмаси 13-ҚОП патронаж ҳамшираси Ойша Сафарованинг айтишича, селдан сўнг қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш учун тиббиёт ходимларидан иборат 5 кишилик гуруҳ ташкил этилган. Аҳоли руҳиятини кўтариш ва ифлос сувдан юқувчи касалликлар олдини олиш мақсадида аҳолига текин дори-дармон тарқатилмоқда.

Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими вакилларининг маълумот беришича, қишлоқда селдан ҳеч ким жабр кўрмаган. 5–6 та хонадон ҳовлисига кириб борган лойқа сув тозаланган. Экин майдонларига ҳам етмаган. Бироқ сел қишлоққа олиб кирувчи тахминан 500–600 метр узоқликдаги йўлни буткул ювиб кетган.

— Сел йўлдан 1 метр баландликда денгиз бўлиб оқди, — дейди Маъмур Акбаров. – Йўлида учраган нарсани оқизиб кетди. Ҳатто аҳоли уйлари орқасидаги қалин трубаларни ҳам оқизиб кетди.

Ҳудудда яшовчи Исмоил Мўминовнинг қўшимча қилишича, қўшнисининг 6 сотих ерда экилган картошка ва пиёзини ҳам сел ювиб кетган. Экин лойга ботган.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Ҳодиса » «Қўшниларим қутқариб қолишди, йўқса ўлардим». Қашқадарёдаги Дониёршайх қишлоғига охирги 14 йилда 3-сел келди