Фарғона вилоятида жойлашган университет ўқитувчиси ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
ОАВда тарқалган хабарларда ўқитувчи онлайн қиморда 57 миллион сўм ютқазиб қўйгани ва у бу пулларни танишидан қарзга олгани айтилган. Ўқитувчи пулларни ютқазгач, ўзини ўлдирган. У Шаҳрихон туманидаги қабристон ҳудудида осилган ҳолда топилган. Таъкидланишича, ўлимидан аввал у оила аъзоларига смс ёзиб, уни қабристондан топишлари мумкинлигини айтган. Ўқитувчи18 ноябрь куни жонига қасд қилган.
Кун нашри мазкур ҳодиса юзасидан батафсил маълумот олиш учун ФарДУ матбуот котиби билан боғланган. Котиб ҳолат бўйича бошқача маълумот берган. Унинг айтишича, ўқитувчи Сўхда яшовчи фуқарони контрактда ўқишга киритиб қўйиши учун пора олаётганда қўлга тушган. Шунингдек, котиб ўқитувчи 18 эмас балки 17 ноябрда вафот этганини айтган. Қўшимча қилинишича, ҳозирда воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда.