Шу йил 25 мартдан 26 мартга ўтар кечаси Шаҳрисабзда тадбиркор ўлдириб кетилди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, эркакка 44 марта пичоқ урилган. Марҳум шунинг натижасида ҳалок бўлган. Таъкидланишича, марҳум хотинининг бошқа эркак билан ишқий муносабатда бўлиб юрганини билиб қолган. Шундан сўнг улар ўртасида жанжал юзага келган. Аёл ушбу ҳодисадан кейин эрининг пулларига эга чиқиб, қочиб кетишни режалаштирган. Бунинг учун хушторини ишга солган.
Ана шундай кунларнинг бирида эркак шериклари билан келиб, ўйнашининг эрининг уйига бостириб борган ва унга 44 марта пичоқ уриб, шафқатсизларча ўлдирган. Босқинчилар сейфдаги 850 млн сўмни олиб қочиб кетган. Олиб борилган тадбирлар давомида ишда гумон қилинганларнинг барчаси ушланган.
Суд қарорига кўра аёлга 13 йил 4 ойга озодликдан чеклаш, унинг хушторига 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, иш доирасида яна бир фуқарога 21 йил 6 ой ва икки нафар кишига 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.