Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судида ўтган очиқ суд мажлисида умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган турмуш ўртоғини уриб ўлдирган пахтаободлик фермер И.Т.га нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншох Расулов хабар қилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси Илҳомжон Сотволдиевнинг маълум қилишича, февраль–март ойлари давомида Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж», «з» бандлари (ўта шафқатсизлик билан; номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда қасддан одам ўлдириш) билан айбланган 1974 йилда туғилган, ўрта-махсус маълумотга эга «Кароматой ипакчи» фермер хўжалиги бошлиғи И.Т.га очилган жиноят иши судланувчи, жабрланувчининг вакиллари ва гувоҳлар иштирокида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Суд ишида И.Т. 2018 йилнинг 5 ноябрь куни соат 20:00 ларда яшаш хонадонига келиб, кечки овқат вақтида уйида сақлаётган 0,5 литр ҳажмдаги ароқни истеъмол қилиб маст бўлган вақтида турмуш ўртоғи М.Т. билан жанжаллашгани аниқланган. Жанжалга М.Т. эрининг деҳқончилик қилиб етиштирилган шоли экинини ўз вақтида комбайндан чиқармаётганидан норози бўлгани ва уни алкаш деб ҳақоратлагани сабаб бўлган. И.Т. жаҳл устида аёлининг боши ва танасининг турли соҳаларига қўл-оёқлари, шиша идиш ҳамда темир жисм бўлаги билан шафқатсизларча уриб, танасининг турли қисмларига 72 та жароҳат етказиб, қасддан ўлдирган. Оиланинг икки фарзанди етим қолган.
— Ўша куни эрталаб «Оллоёр-Муҳайё» фермер хўжалигидан ижарага олган 20 сотих ерда етиштирилган шолини комбайндан чиқариш мақсадида техника қидириб чиқиб кетдим, — дейди судланувчи айбига иқрор бўлиб. – Кечга қадар шу масала билан шуғулландим. Лекин натижа бўлмади. Кеч киргач уйга қайтдим. Турмуш ўртоғим бир ўзи экан. Чарчаганим ва сиқилганим учун токчадаги ароқни қовурма шакароб билан ичдим. Бундан норози бўлган хотиним «ичманг алкаш», «шолини чиқара олмабсиз» деб яна турли сўзларни айтиб, нолиди. Унга кўп гапирмаслигини, қорним очганлигини билдирдим. Бир ярим соат ичида ароқнинг ҳаммасини ичиб бўлдим. Турли жаврашлардан жаҳлим чиқиб мушт билан аёлимни бошига бир марта урдим. Унинг боши печканинг қиррасига тегиб қон чиқиб кетди. Қаршилик кўрсата бошлагач ўзимни идора қила олмадим. Ўзимга келганимда унинг овози чиқмай қолганди. Ёнига бориб қараганимда, қотиб музлаб қолган экан. Қилмишимдан пушаймонман.
Дастлабки терговда тўпланган ва судда текширилган далиллар билан исботланган ҳолатларга кўра, И.Т. М.Т.ни ўлдираётган вақтда унга азоб бераётганини билиб ва шуни хоҳлаб, унга кўплаб тан жароҳатлари етказиб, қасддан ўлдирган.
Суд ҳукми билан И.Т. Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг «ж» банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Шунингдек, судга оид наркология экспертизасининг хулосасига асосан маҳкумга жазони ўташ даврида алкоголизмдан даволанишнинг тиббий йўсиндаги чораларни қўллаш лозим деб ҳисоблади.