Андижон вилояти Жалақудуқ туманида эркак йигитни ўлдирди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Дарё нашрининг ёзишича, эркак 18 ёшли қизининг номусига теккан 21 ёшли йигитни ўлдирган. Маълум бўлишича, йигит қиз билан гаплашиб юрган ва кунларнинг бирида унинг номусига теккан. Бундан қизнинг оиласи хабар топгач шарманда бўлмаслик учун йигит томонга тўйни тезлаштиришни айтган. Лекин йигит уй ва машина олиб беришмаса, қизга уйланмаслигини айтиб, чўзиб юраверган. Шунда оила шаънини сақлаш мақсадида ота 2021 йилнинг 17 май куни тўй масаласини гаплашиб олишни баҳон қилиб, йигитни уйга чақирган. Ўша куни ота йигитни уйда сим билан бўғиб ўлдирган.
Ҳодиса юзасидан бўлиб ўтган судда қиз номусига тегилган куни йигит машинага мажбурлаб ўтирғизганини ва машинада ичилган сувдан сўнг ҳушини йўқотганини, ўзига келганда номуси топталганини билганини айтган. Ота эса бу ишларга чидай олмаганини ва ҳодисадан уч кун олдин қизининг йигитдан калтак еганини эшитиб жаҳли чиққанини маълум қилган.
Суд қарорига кўра ота ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан айбли деб топилган ва 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.